Вазир ҳар бир раҳбар ва ходимни ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва холис бажаришга чақирди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов вазирлик тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни янада кучайтириш, ҳар бир раҳбар ва ходимни ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва холис бажаришга чақирди.
Мурожаатда таъкидланишича, тизимдаги ҳар бир ташкилот, муассаса раҳбарлари ҳамда ходимлари коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш учун шахсан масъул эканликларини чуқур англаб етишлари зарур.
Бугунги кунда қурилиш соҳасида лойиҳа ва пудрат ташкилотларини жалб қилиш жараёнлари тўлиқ электрон тендер тизими орқали, инсон омилисиз амалга оширилмоқда. Харид комиссиялари ўрнини рақамли платформалар эгаллаб, жараёнлар шаффофлашди ва қоғозбозликка барҳам берилди.
Натижада сўнгги 4 йил ичида давлат харидлари йўналишида коррупциявий ҳолатлар бартараф этилди. Шунингдек, соҳада ISO 37001:2016 халқаро стандарти талаблари босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Мурожаатда Вазирлик фаолиятига оид коррупциявий хатти-ҳаракатлар ёки қонунбузарликлар ҳақида қуйидаги алоқа воситалари орқали мурожаат йўллаш мумкинлиги эслатиб ўтилди:
📞 1298
☎️ (71) 210-11-04 (ички 1066)
💬 @QurilishKomplaensbot
Маълумот ўрнида: Ҳуқуқий эксперимент доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ўтказилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
04.04.2026