Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон Фармонига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.
Бугунги кунда Агентлик қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаб берилган ваколатлар доирасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш йўналишида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
– давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш;
– Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, такомиллаштириб бориш ва янгилаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
– давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларини мунтазам ўқитиш ва малакасини ошириш;
– давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш бўйича “Очиқлик индекси”ни юритиш ва бошқалар.
2024 йилда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги мониторинг қилиниб, аниқланган камчиликлар бўйича таъсир чоралари қўлланилди. Хусусан, 103 та давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлиги мониторинг қилиниб, натижалари бўйича 45 та тақдимнома киритилди.
Очиқликка оид қонун ҳужжатлари талабларини бузган 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.
Шунингдек, “Қайта алоқанинг сирли мижози” тадбирлари орқали 6 та вазирлик (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Қишлоқ хўжалиги, Транспорт, Энергетика ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари) ва 2 та вилоят ҳокимликлари (Андижон ва Наманган)га тақдимномалар киритилди.
Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлашга масъул ходимларни ўқитиш бўйича “E-learning” электрон платформаси ишга туширилиб, 119 та давлат органларининг 588 нафар масъул ходими ўқитилди.
Давлат идоралари фаолияти очиқлиги даражасини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси шакллантирилиб, унинг доирасида 103 та давлат органларининг 31 таси “яшил”, 43 таси “сариқ” ва 29 таси “қизил” баҳоланди ҳамда бу тизим орқали барча даражадаги раҳбар ходимларнинг очиқликни таъминлаш соҳасидаги масъулияти оширилди.
Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатилди.