Жамоатчилик кенгаши аъзолари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси бўйича мулоқотларда фаол иштирок этмоқда
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси бўйича ўтказилаётган жамоатчилик муҳокамалари ва очиқ мулоқотларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари фаол иштирок этмоқда.
Бугунги кунга қадар Стратегия лойиҳаси юзасидан 2 минг 500 га яқин фикр ва изоҳлар келиб тушган.

Жамоатчилик кенгаши аъзолари Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ташкил этилган жамоатчилик билан очиқ мулоқотларда ушбу таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Жумладан, Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси профессори, юридик фанлари доктори Фозилжон Отахонов аҳоли томонидан билдирилаётган таклиф ва ташаббуслар турли соҳалардаги натижадорликка таъсир этувчи сифат кўрсаткичларини шакллантиришда, хусусан, коррупцияга курашиш ишларини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Стратегия лойиҳасининг янги таҳририда коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган.
Шунингдек, Стратегия доирасида 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари қаторида 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам назарда тутилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
20.01.2026