Жорий йилнинг 8 август куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Давлатобод тумани ҳокимлигида туманда “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ижросининг муҳокамасига бағишланган йиғилиши ўтказилди.
Маълумот учун: 2021 йилдан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Давлатобод туманида жамоатчилик, маҳаллий ва хорижлик етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда эксперимент тариқасида “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.
Лойиҳа орқали ҳудудда коррупцияга сабаб бўлаётган омиллар ва муаммоларни ўрганиш, комплекс ёндашув асосида ушбу коррупциоген фактор ва муаммоларни бартараф қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, фуқароларнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказиш, лойиҳани амалга татбиқ қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш каби бир қатор муҳим мақсад ва вазифалар белгиланган.
Йиғилишда туман сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида “Йўл харита”си доирасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Шундан сўнг белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими З.Қўчқаров айрим бажарилмаган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича Агентлик томонидан масъул ижрочи ташкилотларга амалий кўмак ва зарур тавсиялар бериб келинаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Муҳокамалар якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича келгусидаги мақсад-вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
08.08.2023