Давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотларнинг натижалари тақдимот қилинди
Бугун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов “Ўзбекистон давлат ва корпоратив харидлари Форуми”да иштирок этди.
Давлат харидлари иштирокчилари ассоциацияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда харид жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллектни қўллаш, шаффофликни таъминлаш, бизнес ва давлат сектори ўртасида очиқ ва самарали ҳамкорликка оид долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.

Агентлик директори ўз маърузасида давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олишга оид ўзгаришлар, шунингдек, жорий этилаётган янги механизм ва ёндашувлар, уларнинг самараси ҳақида маълумот берди.
Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Давлат харидлари иштирокчилари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат давлат харидлари жараёнида шаффофликни таъминлаш, ҳалол рақобатни кучайтириш ҳамда коррупциявий ҳолатларга қарши курашишни такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли ҳамкорликни назарда тутади.
Жумладан:
— давлат харидлари соҳасида қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш;
— харид жараёнларининг шаффофлиги ва холислигини ошириш;
— коррупциявий хавф-хатарларга сабаб бўлувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш;
— давлат харидлари соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқий ва касбий саводхонлигини ошириш орқали очиқ, шаффоф ва ҳалол давлат харидлари тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш Томонларнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Форумда Акмал Бурханов ўтган давр мобайнида давлат харидлари соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг айрим натижаларига тўхталиб ўтди:
Давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорлик субъектлари сони 2021 йилдаги 440,1 мингтадан 2025 йил якунига 623,6 мингтага ёки 51 фоизга (316,6 минг) кўпайди.
Давлат харидларини рақобатли усуллар ёрдамида амалга ошириш натижасида 15,6 трлн сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.
Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида 1,9 трлн сўмлик 1463 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, 1,5 трлн сўмлик қонунбузилиши ҳолатларининг олди олинди.
29 та жиноят иши қўзғатилди, 339 нафар шахс маъмурий, 137 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

2025 йилда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган 86 та ҳолат бўйича масъул мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
2026 йилнинг И-чорагида Агентлик томонидан жами 225,1 млрд сўмлик 52 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолатларни бартараф этиш ва қонуний чоралар кўриш бўйича қатъий иш олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидлари соҳасини рақамлаштириш, шаффофликни ошириш, инсон омилини чеклаш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлаш орқали коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатларини автоматик аниқлаш ҳамда “қизил байроқ” (red flags) тизимларини жорий этиш мақсадида сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш чораларини кўряпмиз.
“Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси доирасида эса давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларини чеклаш, йўл қўйилаётган қонунбузилиши ҳолатлари ҳақида ҳар қандай шахс томонидан тезкор шикоятлар йўллаш имконияти яратилади.
Инсофсиз ижрочилар реестрига киритилган юридик шахсларнинг бенифициарларини ҳам ушбу рўйхатга киритиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида соҳада қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган. “Давлат харидларида назорат” саҳифасини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Форум иштирокчиларига батафсил маълумот берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
08.04.2026