Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 29-июндаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши курашишнинг халқаро воситалари асосида коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, мониторингини олиб бориш, шунингдек, уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш вазифаси юклатилган.
Маълумот учун: коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 6-июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сон Қарорига кўра, 2021-йил 1-октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Шунга кўра, 2024 йилда давлат идоралари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмалари фаолияти такомиллаштирилиб, 74 та давлат идораси «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими» бўйича ISO халқаро стандарт сертификатига эга бўлди.
Коррупциянинг олдини олиш механизмларини жорий этиш бўйича халқаро экспертларни жалб этган ҳолда 1 000 нафардан ортиқ ички назорат тузилмалари ходимларининг малакаси оширилди.
23 та давлат органларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари очиқ танлов асосида ишга қабул қилинди.
123 та давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган алоқа каналлари ташкил этилди.
Давлат идораларининг функцияларидаги коррупция хавф-хатарлар даражаси баҳолашдан ўтказилиб, 101 та давлат органлари ва ташкилотларининг 7 525 та функцияларидан 495 таси коррупция хавф-хатар даражаси“юқори”, 1 541 таси “ўрта”, 5 489 таси “паст” баҳоланди ва Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилди.
Коррупция даражаси юқори бўлган 495 та функцияларнинг 172 тасида рақамлаштириш, 67 тасида амалдаги ички идоравий ҳужжатларни такомиллаштириш ёки янгисини қабул қилиш орқали, 62 тасида қўшимча назорат механизмларини жорий қилиш, 42 тасида очиқликни таъминлаш, 152 тасида ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш орқали минималлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтинг баҳоланиб, 95 та ташкилотнинг 42 таси “яхши”, 38 таси “қониқарли” ва 15 таси “қониқарсиз” деб топилди.
“Қониқарсиз” баҳоланган раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, танқидий муҳокама қилинди.