Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар сони камаймоқда

Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар сони камаймоқда

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида коррупцияга оид жиноятлар салмоғида ўтган йилга нисбатан камайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2023 йилда судлар томонидан кўрилган айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 128 тани ташкил қилиб, 2022 йилга (4 607 та) нисбатан 479 тага ёки 11 фоизга камайган.

Ўтган йили Республика бўйича жами 6 535 нафар шахс (2022 йилда 7 414 нафар) коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, 2022 йилга нисбатан жавобгарликка тортилганлар сони 879 нафарга ёки 12 фоизга камайган.

Жавобгарликка тортилган 6 535 нафар шахснинг 1 076 (1482) нафари ёки 16,4 фоизи (20 фоизи) озодликдан маҳрум этилган.

Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш - 2 067 (2 145), пора бериш - 894 (1 061), фирибгарлик - 769 (937), пора олиш -121 (155) ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш - 125 (117) ҳисобланади.

2023 йилда коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони Андижон 971(913), Сирдарё 472(459), Сурхондарё 332 (302) вилоятларида ошган. Соҳалар кесимида ўтказилган таҳлилларга кўра, хўжалик юритиш ва тадбиркорлик – (1 550 /1 435та), таълим - (586 /778та), банк соҳасида – (323/381та), соғлиқни сақлаш – (320/384) ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш (211/222) соҳаларида энг кўп коррупциявий жиноятлар содир этилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 12 нафари (27) республика, 319 нафари (270) вилоят, 5024 нафари (5755) туман - шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотларида фаолият кўрсатган.

Жиноятлар таҳлили кўрсатишича, муқаддам судланган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши улар томонидан қайта жиноят содир этилишига имконият яратиб бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 1 146 нафар (1 234) муқаддам судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари (506) муқаддам содир этган коррупциявий жиноятлари учун судланган.

2022-2023 йиллар давомида 876 нафар шахс давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.

Мазкур жиноятларни содир этганларнинг 282 нафари соғлиқни сақлаш, 72 нафари халқ таълими, 65 нафари мактабгача таълим, қолгани бошқа соҳа вакиллари ташкил этади.

Соғлиқни сақлаш тизимига фуқароларни кичик тиббиёт ходими, ҳамширалик, фельдшерлик ва фаррош, мактабгача таълим тизимига тарбиячи ва техник ходим, мактаб таълими тизимига ўқитувчи ва техник ходим сифатида ишга қабул қилишда коррупция ҳолатлари, миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқароларни пора беришга далолат қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан ишга киритиб қўйиш ҳолатлари нисбатан кўпроқ кузатилган.

Ушбу ҳолатнинг юзага келишига иш қидираётган фуқароларга давлат корхона, муассаса ва ташкилотларидаги бўш иш ўринлари ҳақида шаффоф маълумотлар бериш тизими лозим даражада шаклланмаганлиги ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Давлат корхона, муассаса ва ташкилотларининг мансабдор шахслари мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни яшириш орқали турли коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун учун ўзларига шарт-шароит яратмоқда, иш берувчи томонидан мавжуд вакант ўринларга ишга жойлашишни сўраб мурожаат қилган фуқароларга нисбатан таъмагирлик ҳолатлари ҳамон учраб турибди.

Таҳлил якунлари бўйича Агентлик томонидан мазкур йўналишдаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга киритилди.