Жамоатчилик кенгаши йиғилишида Давлат дастури ижроси ҳамда яқин истиқболда белгиланаётган вазифалар муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 21 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури ижроси ҳамда 2025-2026 йилга белгиланган давлат дастури лойиҳаси ва кенгашга оид ташкилий масалалар муҳокама этилди.

Дастлаб кенгаш аъзоларига 2023 йилнинг 27 ноябрь куни қабул қилинган ПФ-200-сон Президент Фармони билан тасдиқланган давлат дастури ижроси тўғрисида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Давлат дастурида 9 та йўналишда 30 та банддан иборат вазифа ва топшириқлар белгиланган бўлиб, барчасининг ижроси таъминланди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича янги ахборот тизимлари ишга туширилди.
ННТлар учун коррупцияга қарши курашиш мавзуларида Олий Мажлис фонди ва унинг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан 1 млрд 784 млн 400 минг сўмлик грант танловлари эълон қилинди, 41 та семинар ташкил этилиб, унда 680 нафар НТТ ва ОАВ вакилларининг малакаси оширилди.
Давлат дастури ижроси доирасида Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам ўз фикрларини билдирди.

Хусусан, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори ўринбосари, Жамоатчилик кенгаши раиси Ф.Отахонов давлат дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилган, лекин ҳозирда юқори инстанцияларда кўриб чиқилётган лойиҳаларнинг қабул қилингунига қадар уларни назорат қилиб бориш лозимлигини, шунингдек давлат дастуридаги вазифаларнинг сифатли ижро этилганлигини ўрганиб, қўшимча равишда масъулларга топшириқ бериш орқали амалиётга самарали жорий этилишини таъминлаш кераклиги тўғрисида фикр билдирди.
"Менинг Юртим (MY5)" телеканали ижтимоий-сиёсий лойиҳа раҳбари Ю.Олимова дастур доирасидаги бандларнинг бажарилганлик даражасини фақатгина давлат органлари томонидан берилган маълумотлар билан баҳоламасдан, сўровнома орқали аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда баҳолаш лозимлигини таъкидлади.

Мазкур Фармон билан 2025 йил январь ҳолатига Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар сони 42 тага етказилди. Йиғилишда ушбу рўйхатни янада кенгайтиришни таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Кун тартибидаги иккинчи масалада Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳаси тақдимоти амалга оширилди.
Қайд этилганидек, давлат дастури лойиҳасида давлат органлари фаолиятида коррупциявий омилларни бартараф этиш, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, институционал асосларни такомиллаштириш, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган 7 та устувор йўналишда вазифалар белгиланди.
Кенгаш аъзолари дастурдаги лобби фаолиятини норматив-ҳуқуқий тартибга солиш, давлат хизматчиларининг хорижда ҳисобрақамлар очиш кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлишига оид чеклов ўрнатишнинг аниқ тартибини белгилаш, ходимларни “ҳалолликка текшириш” институтини жорий этиш, коррупциявий жиноятлар статистикасини юритишга мўлжалланган ягона дастурий таъминотни яратиш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратишди.

Шунингдек, кенгаш аъзоси Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти Марказий бошқаруви раиси А.Ташанов дастурда ОАВ вакиллари учун суриштирув журналистикаси, таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш борасидаги кўникмаларни оширишга қаратилган ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда журналистика йўналиши мавжуд олий таълим муассасаларида суд журналистикаси фанини мажбурий фан сифатида ўқитилишини йўлга қўйиш ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бундан ташқари, давлат дастури лойиҳасига тадқиқотлар ўтказиб ўзбек халқ мақолларидаги коррупцияни оқлайдиган (Масалан, “Еган оғиз уялар”), ёшлар онгида коррупцияга ижобий ҳолат эканлигини кўрсатадиган мақолларни адабиётлардан чиқариш бўйича чора-тадбирларни киритишни таклиф этди.
Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўқитувчиси И.Махмудов лойиҳага олий таълим талабаларининг баҳо олишга бўлган муносабатини ўрганиш, олий таълим муассасаларининг коррупциялашганлик индексини ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

Йиғилишда жамоатчилик кенгашининг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси ҳам муҳокама этилди ва тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати