Шароф Рашидов туманини “коррупциядан холи” ҳудудга айлантириш дастури ижроси ўрганилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Шароф Рашидов туманини “коррупциядан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ижросини ўрганди.
Ўрганишлар давомида асосий эътибор давлат идоралари фаолиятини рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда кадрлар сиёсатида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига қаратилди.

Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан дарс тақсимоти жараёнида инсон омилини камайтириш мақсадида “EduTrack” ахборот тизими жорий этилган. Бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар тегишли электрон платформалар орқали мунтазам эълон қилиб борилмоқда.
Раҳбар ходимлар Коррупцияга қарши курашиш виртуал академиясида билим ва малакаларини доимий тарзда ошириб келмоқда.

Ишчи гуруҳнинг 32-умум таълим мактабида олиб борган ўрганишларига кўра, “GRACE” дастури таълим жараёнига изчил татбиқ этилмоқда.
Хусусан,мактаб кутубхонасида “lib-edu.uz” рақамли кутубхона тизими жорий қилинган.

29-мактабгача таълим муассасаси фаолиятида эса дастур доирасидаги айрим вазифалар ижросида камчиликлар аниқланди.
Жумладан, иссиқ овқат тайёрлаш хизмати аутсорсинг тизимига ўтказилмагани, муассаса ҳудудида видеокузатув камералари ўрнатилмагани қайд этилди.

Дастур ижроси доирасида туман тиббиёт бирлашмаси тизимида 5 йилдан ортиқ муддат давомида фаолият юритиб келаётган 19 нафар раҳбар ходим ротация қилинган. Бугунги кунда фуқаролар қабули электрон тартибда амалга оширилмоқда, хизматлар “DMED” ахборот тизими орқали кўрсатилмоқда.

Шунингдек, муассаса ва унга қарашли объектларда видеокузатув тизими ҳамда ситуацион марказ ташкил этилган. Мониторлар орқали коррупцияга қарши тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганиш якунлари ҳамда дастур ижросига оид муҳим масалалар Агентлик директори, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари иштирокида танқидий муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида масъул раҳбарларнинг амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар бўйича ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ҳар бир банд ижроси бўйича шахсий жавобгарликни ва назоратни кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати