Расмий муносабат
“Daryo” интернет-нашрида эълон қилинган хабар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Агентлик ўз фаолиятининг барча йўналишларида қонунийлик, очиқлик ва ҳисобдорлик принципларига қатъий амал қилиб келмоқда.
Жумладан, “E-anticor.uz“ электрон тизимини яратиш, молиялаштириш ва такомиллаштириш билан боғлиқ барча жараёнларга оид маълумотлар тегишли манбаларда ўз вақтида кенг жамоатчилик учун очиқ эълон қилиб борилмоқда:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6-июлдаги ПҚ-5177-сон қарори 6-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сўровига асосан “E-anticor.uz“ электрон тизимини яратиш мақсадида БМТ ТД томонидан эълон қилинган тендер якунлари бўйича “Таълим сифат инвест” ХК ғолиб деб топилган. БМТ ТД Ўзбекистондаги ваколатхонасининг грант маблағлари ҳисобидан “E-anticor.uz“ электрон тизими ишлаб чиқилиб, 2022 йил 1-мартдан ишга туширилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12-январдаги ПҚ-81-сон қарорининг 5-банди ижроси доирасида Агентлик томонидан “E-anticor.uz“ электрон тизими такомиллаштирилган ва модернизация қилинган. Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2018 йил 27-сентябрдаги ПҚ-3953-сон Президент қарори иловасининг 5-бандига асосан Агентлик ва “Таълим сифат инвест” ХК ўртасида 350 млн сўмга тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Шартнома давлат харидлари махсус ахборот порталига 2022 йилнинг 9-август куни жойлаштирилган:

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11-майдаги ПҚ-240-сон қарори 6-банди ва қарор 2-иловасининг 11-банди ҳамда 2022 йил 22-августдаги 357-сон қарори 2-иловасининг 50-банди ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан “E-anticor.uz“ электрон тизими такомиллаштирилган. Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2018 йил 27-сентябрдаги ПҚ-3953-сон Президент қарори иловасининг 5-бандига асосан Агентлик ва “Таълим сифат инвест” ХК ўртасида 300 млн сўмга тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Шартнома давлат харидлари махсус ахборот порталига 2023 йил 12-октябр куни жойлаштирилган:

4. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 6-майдаги “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуни ҳамда 2024 йил 5-июндаги ПҚ-210-сон Президент қарори 4-банди ижроси доирасида Агентлик томонидан “E-anticor.uz“ электрон тизими такомиллаштирилган. Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2018 йил 27-сентябрдаги ПҚ-3953-сон Президент қарори иловасининг 5-бандига асосан Агентлик ва “Таълим сифат инвест” ХК ўртасида 990 млн сўмга тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Шартнома давлат харидлари махсус ахборот порталига 2024 йил 30-cентябр куни жойлаштирилган. Мазкур шартнома Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан ўрганилиб, мавжуд техник хатоларни тўғирлаш ва қўшимча маълумотлар киритилиши тўғрисида эътирозлар билдирилган:

Ғазначилик хизмати қўмитасининг талаби инобатга олиниб, қўшимча маълумотлар илова қилинган ҳолда Агентлик томонидан мазкур шартнома Давлат харидлари махсус ахборот порталида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10-июлдаги “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 249-сонли қарори асосида 2024 йил 1-октябрдан бошлаб, тузилган шартномалар жамоатчилик назоратидан ўтказилади) 2024 йил 16-октябрь куни қайта жойлаштирилган.

Маълумот учун: Мазкур электрон тизимни такомиллаштириш ва модернизация қилиш учун потенциал етказиб берувчилардан энг мақбул нархларни сўраш йўли билан ўрганилган. Бунда:
- “Unicon.uz” МЧЖ томонидан ишларни бажариш 9 ой муддат билан дастлабки нархи 2,2 млрд сўм таклифи берилган;
- “UZINFOCOM” МЧЖ томонидан ишларни бажариш 3 ой муддат билан дастлабки нархи 1,4 млрд сўм таклифи берилган.
Агентлик ОАВ вакиллари ва блогерларни жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда ўз фаолиятининг устувор йўналишларида олиб борилаётган ишларни холис ва ҳаққоний ёритиб боришда улар билан ҳамкорликка доим тайёр ва очиқ эканлигини билдиради.
Шу билан бирга, соҳа вакилларини тасдиқланмаган ва расмий манбаларга таянилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақиради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати