«Ўзсувтаъминот» АЖ тизимидаги коррупциявий хавф-хатарлар ўрганилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Ўзсувтаъминот» АЖ тизимидаги коррупциявий хавф-хатарлар таҳлил қилинди.
Таҳлил давомида 2023-2024 йиллар ҳамда жорий йилнинг 6 ойи мобайнида туман миқёсидаги ташкилотларда фаолият олиб бораётган маъмурий-бошқарув ходимлар томонидан содир этилган талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар умумий коррупциявий жиноятларнинг асосий қисмини ташкил этаётганлиги аниқланди.
Хусусан, қуйидаги йўналишларда коррупциявий хавф-хатарлар юқори даражада сақланиб қолмоқда:
➖назорат тадбирларини ўтказиш ва хизматлар учун тўловларни ҳисобга олиш;
➖ сув таъминоти соҳасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари;
➖иш ҳақи ва рағбатлантириш тўловларини ҳисоблаш;
➖давлат харидлари, хусусан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалар доирасида ўтказилган харидларни амалга ошириш.
Таҳлил натижасига кўра, коррупциявий хавф-хатарлар юзага келишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:
▫️ жараёнларнинг етарли даражада рақамлаштирилмаганлиги;
▫️кўплаб функцияларни амалга оширилишида “инсон омили”нинг сақланиб қолаётганлиги;
▫️масофавий мониторинг юритиш амалиётининг тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги;
▫️ фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг мавжудлиги.
Таҳлил мобайнида аниқланган коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга оид таклифларни мажбурий тартибда кўриб чиқиш ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплекс превентив чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича «Ўзсувтаъминот» АЖга тақдимнома киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига асосан ҳуқуқий эксперимент тариқасида 5 та идора, жумладан, «Ўзсувтаъминот» АЖ нинг коррупцияга қарши курашиш бўлинмаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати