Олтиариқ туманини "коррупциядан холи ҳудудга айлантириш" чора-тадбирлари ижроси танқидий кўриб чиқилмоқда
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилояти Олтиариқ туманини “коррупциядан холи ҳудудга айлантириш” бўйича йўл харитасида белгиланган вазифалар ижросини ўрганмоқда.

Дастлаб, «Агробанк» АТБ туман филиалида кредит маблағлари ва субсидиялар ажратиш жараёнида шаффофликни таъминлаш, аҳолининг хабардорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишилди. Аниқланган айрим камчиликларни жойида бартараф этиш юзасидан амалий кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси ва тез тиббий ёрдам бўлимида ўтказилган ўрганишларда тиббиёт муассасаларида вакант лавозимларга танловсиз ишга қабул қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича доимий назорат тадбирлари ижроси етарли даражада таъминланмаётгани танқид қилинди.

Туман марказий деҳқон бозорида савдо жараёнларини рақамлаштириш орқали яширин иқтисодиёт ва коррупцияга чек қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш чоғида бир марталик йиғимлар ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларни инсон омилисиз амалга ошириш, автотураргоҳлар фаолиятини тартибга солиш юзасидан тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, туманда кадастр соҳасини рақамлаштириш, бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ҳамда очиқликни таъминлаш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш масалалари масъуллар билан муҳокама қилинди.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар, хусусан, йўл харитасида белгиланган айрим бандлар ижроси таъминланмагани кескин танқид қилинди.
Масъулларга мазкур камчиликларни бартараф этиш, ижро интизомини кучайтириш ва шахсий жавобгарликни ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати