Латвияда фуқаролик жамияти ривожи ва коррупцияга қарши бошқарув тажрибаси ўрганилди

Латвияда фуқаролик жамияти ривожи ва коррупцияга қарши бошқарув тажрибаси ўрганилди

Латвияда 2024 йил ҳолатига кўра 26 423 та нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) рўйхатга олинган. Шунингдек, аҳолининг 5 фоизи (тахминан 95 минг киши) волонтёрлик фаолияти билан шуғулланади. Мамлакатда фуқаролик жамияти институтларини фаоллаштириш ҳамда давлат органлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш бўйича тажриба ва амалиёт Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун Рига шаҳрида ўтказилган “Ёзги мактаб” ўқув дастурининг асосий мавзуси бўлди.

Мазкур дастур Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Европа Иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ҳамда Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш – инклюзив коррупциянинг олдини олиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Дастур Transparency International Latvia (Delna) ташкилоти томонидан мувофиқлаштирилди.

Асосий мақсад иштирокчиларни Латвиянинг фуқаролик жамияти соҳасидаги илғор тажрибаси билан таништириш, фуқаролик иштироки механизмларини чуқур ўрганиш ҳамда уларни миллий амалиётга самарали татбиқ этиш имкониятларини баҳолашдан иборат бўлди.

Айни мақсадда беш кун давомида ташкил этилган 10 дан ортиқ самарали учрашув, тақдимот ва мулоқотлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида Латвия ва Ўзбекистон тажрибасини қиёсий таҳлил қилиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш имконини берди. Шунингдек, фуқароларни давлат бошқаруви жараёнларига жалб этишнинг самарали механизмлари, жамоатчилик назоратини институционал асосда йўлга қўйиш, очиқ маълумотлар асосида коррупция хавфларини аниқлаш ва уларни барвақт бартараф этишга қаратилган замонавий ёндашувлар юзасидан янги билим ва амалий кўникмалар шакллантирилди.

Хусусан, “Болтиқбўйи инсон ҳуқуқлари жамияти” ((Baltic Human Rights Society) ижрочи директори Ирина Мелсе “Human Rights Guide”рақамли платформасини тақдим этди. Инсон ҳуқуқлари тамойилларини оддий ҳаётий вазиятлар орқали тушунтиришга қаратилган ушбу платформа ҳозирда Болтиқбўйи ва Европанинг 12 та мамлакатида жорий этилган бўлиб, яна 20 дан ортиқ давлатда уни татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Платформадан 2,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи фойдаланади.

Латвия Республикаси Давлат канселяриясининг Давлат бошқаруви сиёсати департаменти вакили Инесе Куšке маълумотига кўра, мамлакатда фуқаролик жамияти вакиллари қарорлар қабул қилиш жараёнига қонунчилик асосида жалб этилади. 2023 йилда фуқароларнинг  бу борадаги иштироки 20 фоизни ташкил этган бўлса, 2027 йилгача бу кўрсаткични 25 фоизга етказиш режалаштирилган.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси (KNAB) ҳузурида 2004 йилда Жамоатчилик маслаҳат кенгаши ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унинг таркибига 15 та ННТ вакиллари киритилган. КНАБ вакили Айварс Рапша ва Жамоатчилик маслаҳат кенгаши раиси Айварс Бородковс билан ўтказилган учрашувда коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини инобатга олиш ҳамда ННТларни мазкур жараёнга кенг жалб этиш тажрибаси атрофлича муҳокама қилинди.

Делегация аъзолари Латвия Фуқаролик альянси (Civic Alliance Latvia) директори Кристине Зонбер билан учрашди. Мазкур альянс 140 дан ортиқ аъзога эга. У мамлакатдаги фуқаролик ташкилотларига жалб этилган шахсларнинг тахминан 70 фоизини (70 минг нафар) ҳамда хориждаги латвиялик диаспора вакилларининг 11 фоизини (27,5 минг нафар) қамраб олади.

Transparency International Latvia (Delna) тадқиқотчиси Артурс Биковс жамоатчилик мониторинги, очиқ маълумотлар асосида коррупция хавфларини аниқлаш ҳамда “Ҳалоллик пактлари” (Integrity Pacts) механизмлари ҳақида маълумот берди. “Ҳалоллик пактлари” — давлат харидлари ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида коррупциянинг олдини олишга қаратилган, буюртмачи (давлат органи), тендер иштирокчилари ва мустақил жамоатчилик кузатувчилари ўртасида тузиладиган келишув механизмидир.

Тадқиқотчи коррупцияга қарши курашда маълумотлар очиқлигининг аҳамиятини Lustre платформаси мисолида тушунтирди. Ушбу тизим давлат харидлари, сиёсий молия, лобби фаолияти ва мансабдор шахслар декларацияларини ягона тизимда жамлаб, шубҳали боғлиқликларни аниқлаш имконини беради.

Ўқув дастури давомида иштирокчилар 2011 йилдан буён фуқароларга қонун кучига эга таклифлар киритиш имконини бериб келаётган ManaBalss.lv платформаси ҳамда мурожаатчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашда давлат органлари билан ҳамкорлик қилувчи “Хабар бериш маркази” (Whistleblowing Centre) фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Шунингдек, Латвия Жамият интеграцияси жамғармаси (Society Integration Fund – SIF) фаолияти ўрганилди. 2001 йилда ташкил этилган ушбу жамғарма нафақат давлат бюджети, балки Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро донорлар маблағларини ҳам бошқариб, уларни фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлашга йўналтиради. Жамғарма томонидан йилига ўртача 20 дан ортиқ грант дастурлари эълон қилинади.

Baltic Centre for Media Excellenceга амалга оширилган ўқув ташрифи доирасида суриштирувчи журналист, Re:Baltica асосчиси Инга Спринге томонидан йирик халқаро суриштирувлар тажрибаси, замонавий журналистика ва жамоатчилик назорати хусусиятлари ҳақида тақдимот қилинди. Ўқув дастури иштирокчиларида ННТ ва фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича илғор амалиётга эга бўлган Рига маҳалла аҳолиси маркази, Кулдīга муниципалитетидаги аҳоли маслаҳат кенгашлари,  Курземе ННТ маркази фаолияти ҳам алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ўқув дастури якунлари бўйича Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали молиявий ва ташкилий механизмларини жорий этиш, шунингдек, рақамли платформалар орқали жамоатчилик иштирокини кенгайтириш йўналишларида аниқ таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, дастур давомида орттирилган билим ва тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этиш, жумладан, жамоатчилик маслаҳат кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, жамоатчилик мониторингини кучайтириш, фуқаролар мурожаатлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватловчи замонавий рақамли ечимларни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда ННТлар учун барқарор инфратузилма ва маслаҳат хизматларини йўлга қўйиш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати