Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалиётига бағишланган семинар ўтказилди
Жорий йилнинг 21 январь куни давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари (комплаенс-назорат)нинг 200 нафардан зиёд ходимлари учун “E-anticor.uz” электрон платформасидан фойдаланиш тартиби ва коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалиётига бағишланган онлайн семинар ўтказилди.
Мазкур тадбир давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги ПҚ-240-сон қарорига мувофиқ, ички назорат тузилмалари ходимларининг билим ва малакасини ошириш, уларга услубий ёрдам бериш борасида Агентлик томонидан мунтазам ташкил этиб келинаётган ўқувларнинг навбатдагисидир.
Маълумки, 2022 йил 1 сентябридан бошлаб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий баҳолаш тартиби жорий этилди.

Унга кўра, ҳар йили 1 мартга қадар Агентлик томонидан тасдиқланган Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти асосида давлат ташкилоти фаолиятидаги (вазифа ва функциялардаги) коррупциявий хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбалари асосида аниқланиб, коррупциявий хавф-хатарларнинг даражаси паст, ўрта, юқори ўлчовларда баҳоланади.
Хусусан, 2024 йилда 101 та давлат органлари ва ташкилотларининг 7 525 та функцияларидан 495 таси коррупция хавф-хатар даражаси “юқори”, 1 541 таси “ўрта”, 5 489 таси “паст” баҳоланди ва Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилди.

Семинарда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва тўғри баҳолаш тартиблари, мезонлари, даврийлиги, баҳолаш натижалари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар, бу борада ўтган даврдаги амалиёт ва тажриба муҳокама қилинди. Ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш масаласи амалий мисолларда кўриб чиқилди.
Шунингдек, “E-anticor.uz” электрон платформасига маълумотларни киритиш тартибига эътибор қаратилиб, бу борада иштирокчилар дуч келаётган муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Иштирокчиларга коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва камайтириш бўйича зарур маълумотлар, керакли тавсиялар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати