Давлат хизматида ҳалолликни таъминлашда халқаро стандартларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Давлат бошқарувида коррупцияга қарши курашиш ва ҳалоллик бўлими раҳбари Еспер Ёнсен ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ИҲТТ томонидан ишга туширилган “Давлат хизматида ҳалолликни таъминлаш индикаторлари” халқаро ташаббусига Ўзбекистоннинг қўшилиши масаласи муҳокама қилинди.

2020 йилда ишга туширилган мазкур ташаббусга ИҲТТга аъзо давлатларнинг барчаси қўшилган бўлиб, унинг асосий мақсади – миллий даражада давлат хизматида ҳалоллик даражасини оширишга кўмаклашиш, давлат хизматида турли хил коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва олдини олишдан иборат. Шу мақсадда ИҲТТ Кенгаши томонидан Давлат хизматида ҳалолликни таъминлаш бўйича Тавсиялар ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур Тавсияларнинг бажарилиши ҳолати 13 та индикаторлар асосида баҳолаб борилади.

Учрашувда ИҲТТ вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг ҳам мазкур Ташаббусга қўшилиш таклифи илгари сурилди. Ўзбекистоннинг ушбу Ташаббусга қўшилиши бу соҳадаги масалаларни тартибга солишда экспертлик ҳамда методологик кўмак кўрсатилишига асос бўлиши, шунингдек давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этишда илғор тажрибаларни тадбиқ этиш имконияти пайдо бўлиши қайд этиб ўтилди.
Ўзбекистон делегациясининг Францияга хизмат сафари Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги (BMZ) номидан GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти) “Самаралидавлат бошқаруви” дастурининг молиявий кўмагида амалга оширилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати