Брифинг

Жорий йилнинг I чорагида «Ўзсувтаъминот» АЖнинг комплаенс назорат бошқармаси ҳамда ҳудудий тузилмалари томонидан ўтказилган 94 та ўрганиш давомида 1 612 та ҳолатда коррупциявий омиллар барвақт аниқланиб, улар натижасида жами 12,5 млрд сўмлик хато ва камчиликлар бартараф этилди.

Бу ҳақда АЖнинг Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси бошлиғи Фарҳод Бойтўраев иштирокида ўтказилган брифингда батафсил маълумот берилди.

Таъкидланишича, аҳоли ва юридик истеъмолчилардан тўпланган тўловларнинг банк ҳисоб рақамига топширилмаганлиги бўйича 1 097 та ҳолатда 1,8 млрд сўмлик тафовут аниқланиб, ушбу тафовутларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, ишчи-ходимларга 10 та ҳолатда 481 млн сўмлик иш ҳақи нотўғри ҳисоблангани аниқланиб, уни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

17 та ҳолатда киримга олинмаган 76,3 млн сўмлик товар-моддий бойликлар қайтарилди.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ижросига оид ўрганишларда товар-моддий бойликлар хариди билан боғлиқ 825 та шартнома ҳужжати таҳлил қилинди. Натижада 27 та ҳолатда 3,7 млрд сўмлик шартномалардаги камчиликлар бартараф этилиб, 1,39 млрд сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.

Шу билан бирга, 72 та ҳолат бўйича 1,9 млрд сўмлик хато ва камчиликларнинг олди олинди. Бундан ташқари, 6 та манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланиб, уларнинг 5 таси белгиланган тартибда бартараф этилди, 1 таси эса Одоб-ахлоқ комиссиясига кўриб чиқиш учун юборилди.

Ўтказилган 94 та хизмат текшируви натижасида аниқланган камчилик ва хатолар юзасидан тизимдаги 12 нафар ходимга нисбатан ҳайфсан, 5 нафарига интизомий жазо чораси қўлланилди, 23 нафар ходим эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 28 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқий эксперимент доирасида «Ўзсувтаъминот» АЖнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ўтказилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати