Андижон вилоятида коррупцияга қарши курашиш ишлари ҳолати ўрганилмоқда

Андижон вилоятида коррупцияга қарши курашиш ишлари ҳолати ўрганилмоқда

Республика идоралараро Ишчи гуруҳ коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларни, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганиш бўйича давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туманлари, Хонобод шаҳрида ўрганишлар ўтказди.

Ишчи гуруҳ ўз ишини маҳаллаларда коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, жиноятчилик профилактикаси, “Маҳалла еттилиги” фаолиятини ўрганишдан бошлади.

Хусусан, Қўрғонтепа тумандаги қизил тоифадаги ҳудуд "Янги ҳаёт" маҳалласида , профилактик чоралар, коррупцион ҳолатлар келиб чиқишига шароит яратиб бераётган омиллар, “Маҳалла еттилиги” томонидан бандликни таъминлаш, коррупцияга нисбатан муросасизлик кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

Қайд этилишича, мазкур маҳалладаги кўп қаватли уйларда айни пайтда "Хавфсиз йўлак" лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, унинг доирасида турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аниқлаш мақсадида уй йўлагига тезкор чақирув қўнғироғи, электрон қулф, юзни аниқловчи камера ўрнатилган.

Шу каби ўрганишлар Жалақудуқ туманидаги “Ақча”, “Бешкарам”, Хонобод шаҳридаги “Хонтоғ” маҳаллаларида ҳам ўтказилиб, “Маҳалла еттилиги” аъзолари, маҳалла аҳли билан мулоқотлар ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан ушбу ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, уларда бепул ва пуллик тиббий хизматларни кўрсатиш, тиббий жиҳозлар ва дори воситалари билан таъминлаш, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция хавфларини бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.

Ўрганишлар мобайнида коррупциянинг олдини олиш ишлари самарали йўлга қўйилмаганлиги билан боғлиқ салбий ҳолатлар, муаммо ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича масъулият ва ташаббускорликни ошириш, назоратни кучайтириш лозимлиги юзасидан масъулларга топшириқ ва вазифалар берилди.

Ишчи гуруҳнинг вилоятдаги ўрганишлари давом этади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати