2023 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича бир қатор чора-тадбирларнинг амалга оширилиши белгиланмоқда.
Жумладан:
Мактабгача таълим тизимида ноқонуний молиявий хатти-ҳаракатлар, коррупция ҳолатлари ва бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишини олдини олиш:
6 412 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида автоматлаштирилган тизимни ишга тушириш учун техник воситаларни харид қилиш.
“Давлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими”ни ишга тушириш.
Ходимлар ва тарбияланувчиларнинг давомати ҳамда болаларни овқатлантириш билан боғлиқ харажатларни электрон ҳисобланишини йўлга қўйиш.
“Ягона мавсумий таомнома”ни жорий этиш.
Давлат органлари ва ташкилотларида ҳалоллик стандартлари ва коррупцияни олдини олишнинг самарали механизмларини яратиш:
Коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари мустақиллигини таъминлаш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш:
давлат органлари ва ташкилотлари ички назорат тузилмалари ҳуқуқий мақомини белгилаш;
ички назорат тузилмаларининг функция, вазифа, ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаш, уларнинг штатлар сонини белгилашнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш;
ички назорат тузилмалари ходимларига қўйиладиган малака талабларини белгилаш;
ички назорат тузилмалари ходимларини мажбурий тартибда малакасини ошириш, аттестациядан ўтказиш тартибини белгилаш.
Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш мақсадида давлатнинг яқин истиқболдаги асосий йўналишини белгилаш:
Қуйидагиларни назарда тутувчи Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023–2027 йилларга мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш:
турли коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларни таҳлил қилиш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги тизимли чоралар самарадорлигини баҳолаш;
Ўзбекистон аъзо бўлган конвенциялар ва бошқа халқаро ҳуқуқий шартномаларда коррупцияни олдини олиш ва у билан курашиш чораларини инобатга олиш;
давлат ва жамиятда коррупцияга олиб келувчи асосий сабаб ва шарт-шароитларга барҳам бериш чораларини белгилаш.
Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш:
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳомийлик тариқасида олган маблағлар (буюм ва ашёлар) ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш тизимини жорий этиш.
Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан ҳомийлик тариқасида берилган маблағлар ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш тизимини жорий этиш.
Ҳар бир давлат органи ва ташкилоти ўз расмий веб-сайти ҳамда очиқ маълумотлар Порталида бўш иш ўринлари (марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида) ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар, тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни мунтазам киритиб бориш тизимини жорий этиш.
Жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этинг, фикр ва таклифларингизни билдиринг: jamoatchilik.uz