Ўзбекистонда Истанбул ҳаракатлар режаси 5-босқич мониторинги бошланди
Бугун, 2 апрель куни Ўзбекистон Республикасида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Аксилкоррупция тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси 5-босқич мониторингини амалга ошириш ишлари бошланди.

Шу муносабат билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов Агентликда ИҲТТ Котибияти мониторинг гуруҳи раҳбари Тетяна Хаванскани қабул қилди. Учрашувда 5-босқич мониторингига оид ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Айтиш жоиз, ИҲТТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари Аксилкоррупция тармоғи Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Мўғулистон, Тожикистон, Украина ҳамда Ўзбекистон давлатларини қамраб олиб, унинг доирасида ушбу мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларнинг миллий амалиётга жорий этилиши ҳолати таҳлил қилиб борилади.

5-босқич мониторинги ва баҳолаш тизими тўққизта самарадорлик соҳаси, яъни коррупцияга қарши сиёсат, манфаатлар тўқнашуви ва мол-мулк декларацияси, хабар берувчини ҳимоя қилиш, бизнеснинг яхлитлиги, давлат харидларида ҳалоллик, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, прокуратуранинг мустақиллиги, коррупцияга қарши кураш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар, коррупция жиноятлари учун таъқиб қилишни ўз ичига олади.

Бугун Мониторинг гуруҳи аъзолари, хусусан, коррупцияга қарши сиёсат, прокуратуранинг мустақиллиги, манфаатлар тўқнашуви ва мол-мулк декларацияси, коррупцияга қарши кураш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар соҳалари бўйича сессияларда мутасадди вазирлик ва идораларнинг вакиллари билан мулоқот ўтказмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
02.04.2024