Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида коррупцияга қарши курашиш фаолияти самарадорлиги таҳлил қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат раҳбарининг Давлат раҳбарининг тегишли фармонлари (ПФ-6013-сон Фармони 4-банди, ПФ-200-сон Фармони 1-банди)да Агентликка юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимида 2022-2023 йилларда содир этилган коррупциявий жиноятлар, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди.
Вазирликда коррупцияга қарши курашиш «комплаэнс-назорат» тизими жорий этилган бўлиб, бугунги кунда марказий аппаратда жами 3 та штат бирлигидан иборат Коррупцияга қарши ички назорат бўлими фаолият олиб бормоқда. Коррупцияга қарши курашиш ишларини тизимли равишда олиб бориш, коррупциявий хавфларни баҳолаш бўйича марказий аппарат таркибида янги тузилма - Комплаэнс-назорат хизмати жорий этилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтиришга асосланган ҳуқуқий база яратилган.
Амалга оширилган ижобий ишлар натижасида вазирлик 2022 йил ноябрь ойида коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификатини қўлга киритди.
Вазирлик тизимида бугунги кунда жами 7 703 нафар ходим фаолият юритишини инобатга олиб, бугунги кунда вазирликнинг Коррупцияга қарши курашиш ички назорат бўлимида фаолият олиб бораётган ходимлар ушбу функция ва вазифаларнинг тўлақонли ва самарали амалга ошириш имконига эга эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тақдим қилинган статистик маълумотларга кўра, вазирлик тизимида 2023 йилда 458 нафар шахсга нисбатан 227 та коррупциявий жиноят иши судлар томонидан кўриб тамомланган. 2022 йилда бу кўрсаткич 476 нафар шахсга нисбатан 255 та коррупциявий жиноят ишини ташкил қилган. Мазкур коррупциявий жиноятлар натижасида жамият ва давлат манфаатларига 2023 йилда 100,2 млрд (2022 йилда - 82,6 млрд) сўмлик моддий зарар етказилган.
Таҳлиллардан кўринишича, соҳада умумий коррупциявий жиноятчилик сони камайган бўлсада, улар натижасида етказилган зарар миқдори 20,0 млрд сўмга кўпайган. Коррупциявий жиноятларнинг аксарияти мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш (аксарият ҳолатларда биргаликда) йўналишларида содир этилаётганлиги маълум бўлди.
2023 йилда содир этилган коррупциявий жиноятлар тури бўйича таҳлил қилинганда мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш 423 (2022 йилда-428) нафар, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш 11 (2022 йилда- 10) нафар шахс томонидан содир этилган.
Ўрганишда капитал қурилиш соҳасида 2023 йилда коррупциявий жиноят содир этган 458 нафар шахснинг 89 нафари бевосита вазирлик тасарруфидаги идора ва ташкилотлар ходими, 44 нафари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходими, қолган 325 нафари эса бошқа соҳа ходимлари ёки фуқаролар эканлиги аниқланган.
Келтирилган рақамларга асосан капитал қурилиш соҳасида содир этилаётган коррупциявий жиноятларнинг сабаб ва омиллари таҳлил қилинганда коррупциявий жиноятлар тури уларни содир этган шахсларнинг ижтимоий мақоми билан боғлиқ эканлиги, асосан қурилиш ва таъмирлаш жараёнида пудратчилар билан тил бириктирган ҳолда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб маблағларни ўзлаштириш, қонунбузилиш ҳолатларига кўз юмиш ҳамда соҳа ходимларининг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги каби омиллар мавжудлиги аниқланди. Айниқса, давлат маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларида бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги ҳисобварақ-фактураларга (шакл-3) сохта маълумотлар киритиш орқали давлат маблағларини талон-торож қилинган.
Мазкур жиноятларнинг содир этилишига соҳада вазифа ва функцияларни рақамлаштириш ишлари тўғри йўлга қўйилмаганлиги, фуқароларнинг осон пул топишга ҳаракат қилишлари, уларда коррупцияга қарши курашиш бўйича муросасиз муносабат шаклланмагани, давлат хизматчиларининг иш ҳақи миқдори камлиги, соҳа ходимлари устидан ўрнатилган идоравий ва жамоатчилик назоратининг сустлиги, коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирлари етарли даражада ўтказилмаганлиги, жиноят содир этишнинг салбий оқибатлари англаб етилмаганлиги ҳамда соҳада содир этилаётган коррупциявий жиноятларнинг латентлиги (фош этилмаганлиги) юқори эканлиги каби омиллар сабаб бўлмоқда.
Очиқлик индексининг 2023 йил якунларига кўра, Қурилиш вазирлиги жами 52,1 балл (максимал 100 баллдан) билан вазирликлар кесимида 16-ўринни эгаллаган ҳолда «қизил» тоифада қайд этилган (4 ўрин қуйига тушган). Бунга Вазирлик томонидан ўз фаолиятига оид ҳисоботларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти, йил давомида ўтказилган ҳисобот (ҳайъат) йиғилишларининг видеоёзувлари ва баённомалари, давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи ички идоравий ҳужжат ҳамда давлат харидларига оид шикоятларни кўриб чиқувчи комиссия аъзолари, тасарруфидаги кўчмас мулклар ва хизмат уйлари, ўзини ўзи баҳолаш тартиби ҳамда очиқлик соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинмагани сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида” 103-сонли қарори билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ходимларига ҳамда давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари раҳбарларига ва уларнинг банк ҳужжатларига имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ўринбосарларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши кўрсатилган. Бироқ мазкур қонунчилик талабларига зид равишда Қурилиш вазирлиги ҳудудий бўлинмаларида жами 40 нафар мансабдор шахс давлат хизмати билан параллель равишда тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланиб келаётганлиги маълум бўлди.
Жумладан, Андижон, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 5 нафардан, Фарғона ва Хоразмда 4 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган ва Қашқадарёда 3 нафардан, Самарқанд ва Сурхондарёда 2 нафардан, Бухоро, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 1 нафардан ҳамда Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Республика марказида 1 нафар мансабдор шахс раҳбар ёки таъсисчи сифатида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Ушбу мансабдор шахсларга тегишли айрим тадбиркорлик субъектлари давлат буюртмачилари билан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда шартномалар имзолаб, товарлар етказиб берганлиги ёки хизматлар кўрсатганлиги каби ҳолатлар ҳам аниқланди.
Мисол учун, Андижон вилояти Марҳамат тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Абдурахмонов Зафарбек Сойибжонович таъсисчилигидаги “Евро Идеал Қурилиш” МЧЖ 2022-202- йиллар давомида 6 та тўғридан-тўғри шартнома тузган ҳолда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва туман тиббиёт бирлашмасига жами 45,6 млн сўмлик хизматлар кўрсатган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Ражапов Ахмаджон Султанбавеич таъсисчилигидаги “Нукус Реалпроэкт” МЧЖ 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимидаги “Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали билан 4 та ҳолатда 216,8 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома лтузган ҳолда хизматлар кўрсатган.
Шу каби Пискент тумани қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Эшонқулов Фахриддин Абдухаликович раҳбарлигидаги «Мегамах» МЧЖ 2022 йил 11 август куни Пскент тумани ҳокимлиги томонидан кичик саноат зонаси бош режасини ишлаб чиқиш хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 35,0 млн сўмлик танловда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда ғолиб бўлганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-425-сон йарорининг 1-бандида 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган дастурларга киритилган лойиҳалар, шунингдек, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари асосида молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳалар доирасида объектларнинг бош лойиҳа-қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари вазирликинг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида инсон омилисиз ўтказиладиган электрон тендер (танлов) савдолари орқали аниқланиши лозимлиги қайд этилган. Бироқ давлат харидлари соҳасида қонунчилик ижросини назорат қилувчи органларда давлат буюртмачилари томонидан ушбу қарор талабларига риоя қилинаётганлигини тўла назорат қилиш имкони мавжуд эмас. Биргина 2023 йилда 147 та биноларни қуриш ва таъмирлаш билан боғлиқ танлов ва тендерлар etender.uzex.uz давлат харидлари махсус ахборот порталида инсон омили таъсирида амалга оширилган.
Қурилиш объектларини тақсимлаш жараёнида айрим муаммоларнинг мавжудлиги йирик тадбиркорлик субъектларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали бир молия йили давомида кўплаб тендерларда ғолиб бўлишига, бу эса ўз навбатида соҳада рақобат муҳити пасайишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, ушбу йирик тадбиркорлик субъектлари ғолибликни қўлга киритган барча тендерларда пудрат ишларини ўзлари амалга ошириш имконига эга эмаслиги боис кўплаб ҳолатларда қурилишга субпудрат ташкилотларининг жалб этилишига, бу эса ўз навбатида объектларнинг қурилиш нархлари 5-10 фоизга ошишига олиб келмоқда.
Қолаверса, бино ва иншоотларнинг қурилиши жараёни лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида бажарилишини назорат қилиш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида кўплаб коррупциявий омиллар сақланиб қолмоқда.
Биргина 2023 йилда республика бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан 1630 та рўйхатдан ўтмаган қурилиш аниқланиб, шундан 1618 тасига огоҳлантириш хатлари берилган, 125 таси бўйича судга даъво аризалар киритилган ва 911 таси (55 фоизи) бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш каби чоралар қўлланилган. Бу каби ҳолатлар айрим тадбиркорларга ноқонуний қурилишларни қонунийлаштиришга, қонунбузилиши ҳолатлари тизимли кўринишга айланиб боришига имкон яратмоқда.
Бундан ташқари, кейинги вақтларда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида қурилиш соҳасининг айрим масъуллари томонидан мансабини суиистеъмол қилган ҳолда давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тизимида иштирок этувчи масъул шахслар томонидан “Шаффоф қурилиш” тизимига айрим пудратчи ташкилотларнинг манфаатларини кўзлаб, сохта маълумотлар киритиш орқали уларнинг тендер савдоларида ғолиб бўлишига эришганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунининг 28-моддасида коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар ҳамда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши мумкин эмаслиги қайд этилган. Шунга қарамай, вазирлик марказий девонида 2 нафар, Сирдарёда 17 нафар, Наманган ва Фарғона вилоятларида 9 нафардан мансабдор шахслар муқаддам коррупциявий жиноятлар учун судланганлиги маълум бўлди.
Таҳлиллар натижасида аниқланган коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига тақдимнома юборилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
06.05.2024